SJ News II - шаблон joomla Авто

Давлат рамзлари

Давлат байроғи

Bayroq

1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 8-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1991 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, миллий байроғимиз давлат суверенитетининг рамзларидан биридир.

У 16 йилдан бери мамлакатимиз Президенти Девони, Олий Мажлис палаталари, ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, юртимизнинг ўнлаб хорижий давлатлардаги дипломатия ва савдо ваколатхоналари, консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат, ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

Президентимизнинг хорижий мамлакатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша юрт кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналарида, юртимиз делегатсиялари қатнашаётган халқаро миқёсдаги тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини ёрқин акс эттиради. Юртимиздаги байрам шодиёналари, тантаналар чоғида кўчаларимизга кўрк бағишлаб турган байроғимиз ҳар биримизда шукроналик ҳисларини уйғотади.

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган улкан эътибор самараси ўлароқ, халқаро миқёсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, турли спорт мусобақаларида ғолибликка эришган йигит-қизларимиз шарафига юрт байроғи баланд кўтарилмоқда. Ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда Ватан туйғуси янада кучлироқ жўш уради, халқимизнинг салоҳияти, келажагимизга ишонч янада мустаҳкамланади.

Давлатимиз байроғидаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур рамзий маънога эга.

Ундаги мовий ранг тириклик манбаи бўлган обиҳаётни, мусаффо осмонимизни, куч-қудратимизни, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни акс эттиради.

Оқ ранг – тинчлик, хотиржамлик, ёруғлик рамзи. Шунингдек, бу ранг ўзида поклик, беғуборлик, ботиний гўзалликни ифодалаб келган. Демак, байроғимиздаги оқ ранг халқимизнинг покиза орзу-умидларини, ёруғликка, эзгуликка эшлигини ўзида намоён этади.

Яшил – яшариш ва янгиланиш, навқиронлик ва шодумонлик рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз тимсолидир. Қизил чизиқлар эса, томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони – ҳаётий қудрат ва давомийлик нишонасидир. Шунингдек, бунда Истиқлол, Озодлик учун қон тўккан эрксевар ота-боболаримизнинг орзу-армонлари мужассам.

Байроғимиздаги ярим ой ва юлдузлар тасвири тарихий қадриятларимиз, умрбоқий анъаналаримиз, маънавий куч-қудратимиз билан боғлиқ. Ҳилол қўлга киритилган мустақиллик, озодликни ифодалайди.

Давлатимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсоли. Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтихоримиз, Ватанимиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.

Давлат герби

gerb

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги” қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 10 сессиясида қабул қилинди.

Гербнинг марказида тасвирланган - қанотларини кенг ёзиб турган Хумо қуши – бахт-саодат ва эрксеварлик рамзи тасвирланган. Буюк аллома Алишер Навоий Хумо қушини барча тирик жонзодлар ичида энг эзгу деб таърифлаган. 

Гербнинг юқори қисмида Республиканинг собит ва барқарорлигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унинг ичида яримой ва беш қиррали юлдуз ифодаланган. Қуёш тасвири – Ўзбекистон Республикаси танлаган йўлининг нурли бўлишини ва Республиканинг ноёб табиий иқлим шароитини кўрсатиб туради.

Бошоқлар – халқнинг ризқ-рўзи бўлган ғалла тимсолидир. Оппоқ бўлиб очилаётган пахта чаноқлари тасвирланган ғўза шоҳлари – асосий юртнинг донғини дунёга таратган асосий бойлиги рамзидир.  

Буғдой бошоқлари ва пахта чаноқлари давлат байроғига ўхшаган лента билан ўраб қўйилган. Бу Республикада яшаётган халқлар якдиллигининг тимсолидир. 

Давлат мадҳияси

“Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида” қонун 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинди.

А. Орипов сўзи, М. Бурҳонов мусиқаси.

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақорат

Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол маш'али, тинчлик посбони,

Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Нақорат

Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Word symvol

Yuqoriga
Saytimizga xush kelibsiz! Saytdan kamchiliklar topsangiz administratorga murojaat qilishingizni so`raymiz! Batafsil...